ХХР почта жамғарма банки (PSBC) IPO амалиётини ўтказиш учун Ҳонгконг фонд биржаси рухсатини олди, деб хабар қилмоқда Bloomberg агентлиги. Маълумотларга кўра, мазкур IPO жорий йилда дунё бўйича энг йирик молиявий амалиёт бўлиши мумкин. Банк раҳбарияти, шу билан 8 млрд доллар маблағни жалб қилишни режалаштирган.

Банк қўлга киритилган маблағларни бизнесини кенгайтиришга йўналтиради. 
PSBC келаси ҳафтадан акцияларини чиқариши мумкин, бироқ Reuters агентлиги манбасига кўра, IPO сентябрь ойида амалга оширилади. 

Хитой Давлат почтасига қарашли PSBC —мамлакатнинг активлари бўйича олтинчи йирик молия муассасаси ҳисобланади. Унинг ихтиёрида 6,3 трлн юань ёки 1 трлн АҚШ доллари миқдорида маблағ бор. 

Дунёнинг йирик молия институтлари Goldman Sachs, Morgan Stanley, International Capital, JP Morgan Chase ва Bank of America бўлғуси IPO ташкилотчилари экани хабар қилинмоқда. UBS Group молиявий маслаҳатчи вазифасини бажаради. 

Хитой фонд бозорининг ўзгарувчанликка ўта мойиллигига қарамай, ўтган йил декабрь ойида PSBC стратегик сармоядорлар, хусусан UBS Group, JP Morgan ва Tencent банкларининг 7 млрд доллар маблағини жалб эта олганди. Почта банкининг 500-миллион мижози борлиги сармоядорлар эътиборни тортган. Шу билан бирга, PSBC мамлакат бўйлаб энг йирик тармоққа эга, унинг шахобчалари сони 40 057тани ташкил этади. 

IPO (Initial public offering) –акцияларни фонд бозорига жойлаштиришнинг бир тури бўлиб, бунда акцияларни ишончли сармоядорлар гуруҳи харид қилиб, сўнгра улар мазкур акцияларни бозорда сотади. Шу билан, сотиладиган акцияларнинг кафолати таъминланади.