Турк мухолифати намояндаси Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари ва Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти уриб туширилиши билан боғлиқ ҳодиса, Туркия армиясига Суриянинг Жараблус шаҳрида жанговар ҳаракатларни бир йил аввал бошлашига имкон бермаган эди, деб ёзмоқда Hurriyet нашри юқори лавозимли турк мулозимига таянган ҳолда. 

«Турк ҳукумати қуруқликдаги амалиётлар устида 2 йилдан ортиқ вақт ишлади. Биз Жараблусга киришга яқин турган эдик. 2015-йил июнида коалициядаги иттифоқчилар, хусусан Қўшма Штатлар билан бу масала муҳокама қилинганди», — деган манба нашрга.
 
Унинг сўзларига кўра, «мудофаа маъмуриятидаги айрим қўмондонлар Туркиянинг режаларини барбод қилишни истаган». 

«Улар, ҳарбий қудратнинг етишмаслигини уқдириш каби турли баҳоналарни илгари суришган, бу ўз навбатида ҳукуматга ИШИДга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлашга имкон бермаган». 

Юқори лавозимли турк мулозимининг айтишича, гап Гулен тарафдорлари бўлган ва ўтган ойда давлат тўнтаришида иштирок этган ҳарбийлар ҳақида бормоқда. 

Манбанинг таъкидлашича, Жараблуснинг Туркия ва Сурия озод армияси томонидан жангарилардан тозаланиши «турк ҳарбийларининг бу каби жанговар топшириқларни бажаришга ҳар доим тайёр турганини исботлайди».

Унинг қайд этишича, Россия ҲККнинг Су-24 самолёти билан боғлиқ нохуш воқеа ҳам жанговар ҳаракатларни бошлашга тўсқинлик қилган. 

«Шундан сўнг...ҳаводан қўллаб-қувватлашнинг имкони йўққа чиқарилгач, режаларни амалга ошириш мумкин бўлмаган». 

Манбанинг қўшимча қилишича, Туркия Россия билан муносабатларини тиклаганидан сўнг, ҳарбий амалиётларни бошлаш имконига эга бўлган.