Биринчи тўлиқ электрлашган Volkswagen автомобили жорий йилда, Парижда ўтадиган автосалонда намойиш этилади. Бу ҳақда компания бошқаруви вакили Герберт Дисс WirstschaftWoche журналига берган интервьюсида гапириб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, Volkswagen электромобили ҳажм жиҳатидан Golf моделига ўхшаб кетади. Унинг салони эса классик Passat моделини эслатиб юборади. Германия компаниясининг ушбу янгилиги 2018 йилнинг охири, 2019 йилнинг бошида ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Дисснинг сўзларига кўра, электрокарнинг энг асосий жиҳати шундаки, у тез қувватланади. Таъкидланишича, автомобиль 15 дақиқа ичида тўлиқ қувватланади ва ана шу қувват билан 500 км масофа юра олади. Таққослаш учун: Tesla электромобили 80 фоизли қувватга 45 дақиқада эришади.

Шу сабаб Volkswagen’нинг эришган ютуғи ҳайратланарли. Муаммо шундаки, барча станциялар ҳам 800 вольтли қувват билан тез таъминлай олиш имкониятига эга эмас. Бу эса немис автокомпанияси учун зарур бўлган омиллардан биридир.