Швейцария Мудофаа вазири Ги Пармелен маълум қилдики, мамлакатда террористик хавф даражаси ўсиб бормоқда.

"Франция, Бельгия, Германия ва Европанинг бошқа ҳудудларида юз берган терактларни айтмаганда ҳам  тадқиқотлар Швейцарияда террористик хавф даражаси ошиб бораётганини кўрсатмоқда", дея Пармеленнинг сўзларини келтиради РИА Новости.

Вазир вазиятни баҳолаш ишлари давом эттирилишини таъкидлаган.

Унинг қайд этишича, Швейцария террористик гуруҳларга қарши кураш олиб бормаётган бўлсада, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг делегациялари учрашувлар ўтказадиган мамлакат ҳисобланади ва шу сабабдан бу мамлакатга таҳдид мавжуд.

"Биз бу давлатларнинг дипломатик миссияларига оид маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъулмиз, шу билан бирга мамлакат фуқаролари хавфсизлигини таъминлашга ҳам", деган вазир.