Сурияда 28 август тонгида Туркиянинг артиллериядан ва самолётлар орқали амалга оширган ҳужумлари оқибатида 20 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган ҳамда 50 нафарга яқини жароҳат олган. Бу ҳақда Суриядаги инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кузатувчи кенгаш томонидан маълум қилинган.

"Жаралбусдан жанубдаги Жеб-ал-Кусса қишлоғига қилинган ҳужум оқибатида камида 20 нафар фуқаро ҳалок бўлди ҳамда 50 нафарга яқини жароҳат олди", дейилган ҳуқуқ ҳимоячилари хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 24 август куни Сурия шимолида ИШИДга қарши "Фрот қалқони" операциясини бошлади ва қўшни давлат ҳудудида танкларини олиб кирди. Кейинроқ бу амалиёт курдларга ҳам қарши ўтказилаётгани маълум қилинди.

Қайд этиш керакки, Туркия Сурия шимолида, ўз чегаралари яқинида курдларнинг кучайишини ва янги давлат ташкил этишини истамайди. Туркия ҳукумати бу ҳудуддаги курдлар НАТОдаги иттифоқчиси АҚШ томонидан қурол-яроғ билан таъминлаб турилишини иддао этади.

Туркия бу ҳудудда Сурия мухолифати ҳисобланадиган, Башар Асад ҳукумати, ИШИДга ҳамда курдларга қарши 3та фронтда кураш олиб бораётган Сурия озодлик армиясини танклари ва авиацияси билан қўллаб-қувватлаб келмоқда.