Ўз лавозимидан вақтинчалик четлатилган Бразилия президенти Дилма Руссефф демократия ва адолат тантана қилиши учун ўз мандати учун курашишни давом эттиришини айтди. У бу ҳақда Федерал сенатда импичмент жараёнида ўз ҳимояси давомида айтди. 

"Мен ўз мандатимга мағрурлик сабабли эмас, балки демократия ва адолат учун курашмоқдаман", деб айтди Руссефф ва унга қарши бошланган импичментни давлат тўнтарувига уриниш деб атади. "Мендан қўрқочларча сукутни кутманг", деб қўшимча қилди Руссефф.

Руссефф сенатнинг ялпи йиғилишида ўзининг тарафдорлари ва сиёсий иттифоқдошлари ҳамроҳлигида пайдо бўлди. Улар орасида Бразилиянинг собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силва ва мамлакатдаги энг машҳур мусиқачилардан бири Шику Буарки бўлган. Руссеффни Миллий конгресс биносига кираверишда унинг импичментига қарши чиқаётган бир неча ўнлаб намойишчилар кутиб олган.