Хитой полицияси 11 нафар аёлни зўрлаш ва ўлдиришда гумон қилинган эркакни ушлади. Бу ҳақда 29 августда маълум қилинди.

Гао Чэн-юн исмли эркак рафиқаси билан бирга эгалик қилган дўконида ушланган. Икки фарзанднинг 52 ёшли отаси 1988 йилдан 2002 йилгача амалга оширган қотилликларини бўйнига олди.

Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларининг айтишича, Хитойда Жек-жаллод деб аталган қотилнинг қурбонлари асосан қизил рангли кийимда бўлган ёлғиз аёллар бўлган. У қурбонлари ортидан уйларигача кузатиб, уларни зўрлаб ўлдирган. 

Қотилнинг энг ёш қурбони 8 ёшли қизча бўлган.

Хитойлик биринчи қотилликни 1988 йил май ойида содир этган. У 23 ёшли аёлга пичоқ билан 26 та жароҳат етказган. Қотил нима учун 2002 йилда ўзининг мудҳиш ишларини якунлаганига ҳозирча тушунтириш йўқ.

Қотил ҳақида маълумот учун ҳукумат 30 минг доллар мукофот эълон қилганди. Бироқ бу пуллар ҳеч кимга тегмаган, чунки қотилнинг шахси майда ўғирлик учун ҳибсга олинган унинг амакасидан олинган ДНК намунаси туфайли ўрнатилган.

Жек-жаллод Англияда 1888 йилларда кўплаб қотилликларни амалга оширган қотилнинг тахаллуси бўлган.