Малайзия ҳукумати 41 та Зика вируси юқиши ҳолати тасдиқланган Сингапур билан  қуруқликдаги чегарада санитар-эпидемиологик назоратни кучайтиришга буйруқ берди. Бу ҳақда The Straits Times нашри хабар бермоқда. 

"Чегара пунктларида махсус бригадалар навбатчилик қилади, юқори ҳароратни аниқловчи махсус техника ўрнатилди", деб айтди Малайзия бош шифокори Ҳишам Абдуллоҳ. Унинг айтишича, "мамлакат аэропортларида Сингапурдан келаётганлар ҳам алоҳида назорат қилинмоқда". 

Бундан ташқари, мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Хилми Яхая яқинда қўшни давлатда бўлиб қайтган ва ўзини ёмон ҳис қилаётган, юқори ҳарорати бор мамлакат аҳолисини зудлик билан шифокорларга учрашишга чақирди. 

Расмий маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги қуруқликдаги чегарани ҳар куни 300 мингга яқин одам кесиб ўтади. Кўплаб малайзияликлар ҳар куни Сингапурга ишлагани келадилар, фарзандларини ўқишга олиб келадилар. 

Сингапур ҳукумати 27 августда мамлакат ичида Зика вирусининг биринчи юқиши ҳолати ҳақида хабар берган, кейинги кун – 28 августда эса 41 та бундай ҳолат юз бергани қайд қилинган. Бу орада касалланганлардан 34 нафари тўлиқ соғайиб кетган.