Норвегиядаги Хардангервидда миллий боғида чақмоқ зарбаси бирданига 323та буғуни ҳалок қилди. Бу ҳақда BNO News хабар тарқатган.

Норвегия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги вакили Элин Фоссхауг Олсенинг маълум қилишича, жониворларнинг жасадлари 50 метр кв майдондан топилган.

Олсенинг айтишича, бу камдан-кам рўй берадиган ҳодиса бўлиб, бунгача экспертлар шунча буғунинг бирданига ҳалок бўлгани ҳодисасини қайд этишмаганди.

Норвегиялик мутахассислар бунинг аниқ изоҳини келтира олишмаяпти. Тахмин қилинишича, улар бир-бирларига ёпишиб, тўпланиб тургани туфайли бирданига жон беришган бўлиши мумкин.

Бунгача чақмоқ зарби етказган энг йирик ҳалокат 2005 йили Австралияда қайд этилган, ўшанда чақмоқ зарби туфайли бир вақтнинг ўзида 68 сигир ҳалок бўлганди. Бундай вазиятда одамларнинг ҳалокати билан боғлиқ энг йирик ҳодиса Перуда қайд этилган. 1971 йили чақмоқ LANSA авиакомпанияси самолётига урилиши оқибатида 91 киши вафот этган.