Туркия армияси кун давомида Суриянинг шимолидаги Жараблус шаҳри атрофида ўрнашган жангариларнинг позициялари бўйлаб 61 марта артиллериядан зарба йўллади. Бу ҳақда Туркия бош штаби маълумотида келтирилган.

Бу зарбалар ИШИД жангариларига ёки Сурия курдларига қарата амалга оширилгани хусусида аниқлик киритилмаган. 

Қайд этилишича, туркиялик ҳарбийлар бу зарбалардан тинч аҳоли вакиллари жабр кўрмаслиги учун барча зарур чораларни қўлламоқда.

Туркия армияси 24 август куни Сурия шимолида ИШИД жангариларига қарши ҳарбий амалиётлар бошлади ва қўшни давлат ҳудудига танкларини киритди. Ўша кунги ҳужумлар натижасида ИШИД жангарилари Жараблус шаҳрини ташлаб чиқишди. Лекин турклар ҳудуддаги курдларга қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришмоқда.

Бироз олдинроқ, Туркия ТИВ раҳбари Сурия курдларидан Фрот дарёсининг шарқий соҳилларини тарк этишни талаб қилиб, ультиматум қўйганди.