Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК) хорижий кўрсатувларни сотиб олиш ҳуқуқи учун лицензияни қўлга киритди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК) телерадиоэфирларга чет эллик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини жойлаш учун лицензия ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича импорт шартномаларини тузиш ҳуқуқига эга бўлди, бунда тендер савдолари ўтказилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 23 августдаги қарорига мувофиқ, шартномалар тузишга МТРК бадиий кенгаши қарорлари асос бўлади.

Бадиий кенгаш тузган хорижий ишлаб чиқарувчилар телерадиомаҳсулотлари рўйхатини МТРК раиси тасдиқлайди. Раис унинг миллий урф-одатлар ва умуммиллий маданий қадриятларга мослиги учун шахсан жавобгар бўлади.

Лицензияли ҳуқуқни қўлга киритиш билан боғлиқ харажатлар МТРКнинг ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари доирасида амалга оширилади.

Марказий банкка тегишли банклар билан биргаликда лицензион ҳуқуқларни харид қилиш бўйича импорт шартномаларга тўловларни амалга ошириш учун маблағларни хорижий валюталарга конвертация қилишни таъминлаш тавсия этилди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида 14та телеканал («Ўзбекистон», «Ёшлар», «Тошкент», «Спорт», «Маданият ва Маърифат», «Дунё бўйлаб», «Наво», «Маҳалла», «Кинотеатр», «Оилавий», «Диёр», «UzHD», «Play TV» ва «Болажон»), 4та радиоканал ҳамда 12 та ҳудудий бўлинмалар мавжуд.