Бирлашган Араб Амирликларининг бош вазири ва Дубай амири шайх Муҳаммад давлат идорасига кутилмаган текширув уюштирганидан  сўнг тўққиз нафар юқори мартабали амалдорларни лавозимидан четлатишни буюрди. Бу ҳақида The National хабар берди

Якшанба куни эрталаб шайх Муҳаммад кутилмаганда давлат муассасалари, шу жумладан, Ер масалалари ва Иқтисодий тараққиёт департаментлари, шунингдек Дубай аэропортини текширишга қарор қилди. БААда асосий дам олиш куни жума ҳисобланади, иш ҳафтаси эса якшанбадан бошланади. 

Шайх Муҳаммад идора хоналари бўйлаб юриб, улардан баъзиларида ҳеч ким йўқлигини кўрган. Шайх ташрифи ҳақидаги видео ва суратларини тақдим этган Давлат баёнот хизмати раҳбари Халиф Саиднинг сўзларига кўра, юқори мартабали амалдорлар жойларида бўлишмаган. 

Ташрифнинг эртасига шайх 9 нафар амалдорни ишдан бўшатишни буюрди. Уларнинг орасида – Ҳуқуқий масалалар департаментининг ижрочи директори, маъмурият раҳбари, бош директор ўринбосари ва бир қатор ёрдамчилар бўлган. 

Расмий маълумотга кўра, уларнинг истеъфоси “тараққиётнинг кейинги босқичи учун масъулиятни ёш авлод ўз зиммасига олишига имкон яратилиши” билан боғлиқ. БАА вице-президенти лавозимидан четлатилган амалдорларга кўрсатган хизматлари учун миннатдорчилик билдириб, келажакда уларга омад тилади. 

67 ёшли шайх Муҳаммад 2006 йилдан бери Дубайни бошқариб келади. У амирликдаги бир қатор компаниялар (Emirates авиаташувчиси, машҳур Бурж Ал-Араб меҳмонхонаси, пальм ороли) тараққиётига шахсан ҳисса қўшган.