Эркин кураш бўйича Ўзбекистон делегацияси сафида 4 та Олимпиадада иштирок этиб, шуларнинг учтасида олтин медалга эга чиққан Артур Таймазовдан (120 кг вазн тоифасида) 2008 йилги Пекин Олимпиадасидаги ғолиблик олиб қўйилади ва унинг медали россиялик спортчи Бахтиёр Аҳмедовга ўтади. Бу ҳақда FloWrestling хабар берган.

Хабарда айтилишича, бунга спортчининг допинг-тест намуналари ижобий чиққани сабаб бўлган.

Ундан ташқари, россиялик курашчи, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида 60 кг вазн тоифасида кумуш медаль совриндори бўлган Бесик Кудухов ҳам медалидан маҳрум қилинган.

Шунингдек, Пекин-2008 ва Лондон-2012 Олимпиадаларида совриндор бўлган қозоғистонлик, озарбайжонлик ва украиналик бир неча спортчидан медаллар олиб қўйилади.

Артур Таймазов 2015 йилнинг кузида спортдаги карьерасини якунлашини эълон қилганди.