УЕФА 2018/19 йилги мавсумдан бошлаб Европа чемпионлар лигаси ўйинларининг бошланиш вақтини ўзгартириш масаласини муҳокама қилади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар тарқатган.

Ҳозирги тартибга кўра ЕЧЛ баҳслари Ўрта Европа вақти билан соат 20:45да (Тошкент вақти билан 00:45да) бошланади. 

"УЕФА ўйинлар вақтини Ўрта Европа вақти билан соат 19:00 ва 21:00га (Тошкент вақти билан соат 23:00 ва 01:00) белгилаш имкониятларини кўриб чиқади. Бу ўзгаришлар футбол мухлисларига кўпроқ ўйинларни томоша қилиш имкониятини, турнир ташкилотчиларига эса телетрансляциялар орқали янада кўпроқ маблағ ишлаб топиш имкониятини беради. Ҳозирча бу борада қарор қабул қилинмайди. Барча муҳокамалар келгусида ўтказилади", дейилган хабарда.

Европа лигаси ўйинлари эса бир вақтда 23:05да бошланиши мумкин.

Бундан олдинроқ, 2018-19 йилги мавсумда ЕЧЛ форматига ўзгартириш киритилиши мумкинлиги, унга кўра келгусида Европадаги кучли тўртлик чемпионатлари учун турнирнинг гуруҳ босқичида 4талик квота таъминланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, клубларга молиявий тўловлар оширилиши мумкин.