Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев бугун қирғиз халқи мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган байрам тантанасида иштирок этар экан, “Биз биргаликда бунинг уддасидан чиқдик – Қирғизистон давлат сифатида қарор топди”, деди. Бу ҳақида 24.kg нашри маълум қилди. 

Тадбир Ала-Тоо майдонига Давлат байроғини тантанали равишда олиб чиқиш билан бошланди. Шу вақтнинг ўзида бош трибунага ҚР Қуролланган кучлари бош қўмондони Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги давлат етакчилари чиқиб келишди. Майдонда қад ростлаган ҳарбийларни ҚР Қуролли кучлар бош штаби раҳбари генерал-майор Раимберди Дуйшенбиев қаршилади. 

Шундан сўнг сўз Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга берилди. Давлат раҳбари ўз чиқишини анъанага кўра, Мустақиллик байрами билан қутлашдан бошлади. У қирғиз халқига мурожаат қилар экан, шундай деди: “1991 йилдан бошлаб Қирғизистоннинг янги тарихи бошланди. Халқимиз мустақиллик сари ўзига хос ва жуда мураккаб йўлдан борди”. У “афсуски, мустақилликнинг илк икки ўн йиллиги Қирғизистон тарихига йўқотилган вақт ва умидлар оқланмаган давр сифатида кириши”га изоҳ берди. 

Давлат раҳбари мамлакат жанубидаги июнь фожиасидан сўнг жамиятдаги тушкун кайфият янада кучайганини тан олди. “Шу боис Қирғизистонни қайта тиклашга йўл очиш учун ҳамма нарсага ишончини йўқотган қирғиз халқида аввал яхши ҳаётга умид уйғотиш керак бўлди. Бу қийин кечди. Бироқ ўтган 6 йилдан кейин - бугун мен ишонч билан шуни айта оламанки, биз биргаликда бунинг уддасидан чиқдик! Қирғизистон давлат сифатида қарор топди!”, - дея хулоса қилди Алмазбек Атамбаев.