Японияга ёпирилган «Лайонрок» тўфони 9 кишини ҳаётдан олиб кетди. Иватэ префектурасидаги Иваидзуми шаҳрида жойлашган қариялар уйида дарёларнинг тошқинини келтириб чиқарган тўфон оқибатида 9 нафар пенсионернинг жасади аниқланди. Бу ҳақда NHK хабар берган.

Аниқлик киритилишича, қурбонларнинг жасадлари мамлакат шимоли-шарқидаги Хонсю оролидаги қариялар уйидан топилган. Қариялар уйида яшовчиларнинг ўлими сабаби аниқланмаган. Воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот ходимлари иш олиб бормоқда.

«Лайонрок» тўфони туфайли шу вақтгача 100дан ортиқ рейс бекор қилинган. Шунингдек, мактаблар фаолияти вақтинчаликка тўхтатилиб, аҳоли эвакуация қилинган.

Бундан олдинроқ, мамлакат бош вазири Синдзо Абэ Хонсю оролига тўфон яқинлашаётгани сабабли Кениядаги ташрифини қисқартиргани ҳақида хабар берилганди.