«Арсенал» германиялик ҳимоячи Шкодран Мустафини сотиб олгани ҳақида расман маълум қилди.

Лондонликлар клуби Германия терма жамоаси аъзоси бўлган футболчининг трансфер ҳуқуқини «Валенсия»дан сотиб олган.

«Мустафи ҳозирда энг оптимал ёшда. У яхшигина тажриба тўплаган.

Шкодран – эътиборли ҳимоячи, у шунингдек тўп билан яхши муомила қила олади. Биз ажойиб футболчини таркибга қўшиб олдик», – дея трансферга фикрини билдирган Арсен Венгер.

Бундан олдинги хабарларда футболчининг трансфер қиймати 30-35 млн еврони ташкил қилиши айтилганди.

Шу тариқа, «Арсенал» кун давомида иккинчи трансферни амалга оширди. Бундан олдинроқ «Депортиво» ҳужумчиси Лукас Перес 20 млн евро эвазига харид қилинганди.