Эрон Туркиядан Суриядаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилди

Жаҳон 31 Август 2016 9516

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Сурия ҳудудида Туркия томонидан ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётганига ўз муносабатини билдирди. Эрон томони Сурияга Туркия ҳарбийлари олиб кирилганидан ташвишдалигини маълум қилган ва бу ҳаракатлар тўхтатилишини талаб қилган.

"Тинчлик тарафдорлари бўлган мамлакатлар ташқи сиёсатининг ўзгармас асоси терроризмга қарши кураш ва ҳудудда хавфсизликни сақлаш ҳисобланади. Бошқа давлат ҳукумати розилигисиз унинг ҳудудига кириш ва ҳарбий амалиёт ўтказиш - бу давлатнинг ҳудудий яхлитлигига даҳл қилиш демакдир...", дея Эрон ТИВ вакили Баҳром Қосимийнинг сўзларини келтиради РИА Новости.

У шунингдек, Туркиянинг ҳарбий ҳаракатлари Суриядаги вазиятни қийинлаштириши ҳақида маълум қилган. У бу ҳаракатлар тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлаётганини таъкидлаган.

24 август куни Туркия ҳарбийлари Сурия билан чегарани кесиб ўтиб, мамлакат шимолида ИШИДга қарши ҳарбий амалиёт ўтказишни бошлади. Расмий Анқара бу ҳаракатлари учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг ҳам, Сурия ҳукуматининг ҳам розилигини олмаган ва фақатгина Россиянинг ўз юришидан расман хабардор қилган. Илк кунги ҳужумлардан кейиноқ Жараблус турклар томонидан қўллаб-қувватланаётган, Башар Асадга мухолиф бўлмиш Сурия озодлик армияси назоратига ўтди.

Кўпроқ янгиликлар