Жанубий Кореянинг Hyundai автогиганти ўзининг энг кичик — i10 хэтчбекининг янгиланган кўринишини намойиш этди. Рестайлинг қилинган моделнинг расмий тақдимоти октябрь ойида Париж автосалонида бўлиб ўтади. 

Хэтчбек янгиланганидан сўнг, унинг олд ва орқа бамперлари ўзгарган, янги ён молдинглар, диодли ёритқичлар ва орқа чироқларга эга бўлган. Унга шунингдек, янги кўринишдаги 14-дюймли ғилдирак дисклари ўрнатилади. 

Hyundai i10 мультимедиа тизими ҳам янгиланган. У 7 дюймли сенсор экран, навигатор ҳамда Apple CarPlay ва Android Auto интеграция функциясига эга бўлган. 

Бундан ташқари, митти хэтчбек олд тўқнашувдан огоҳлантириш ва ҳаракат қаторини кузатиш тизимига эга. 

Hyundai i10нинг куч агрегати ўзгаришсиз қолдирилган. Хэтчбек 1,0 ёки 1,25 литрли бензинли двигатель ёрдамида ҳаракатга келтирилади. Уларнинг кучи 66 — 87 от кучини ташкил этади. Кучсизроқ моторга беш босқичли механик узатмалар қутиси, кучлироғига 4 босқичли «автомат» узатмалар қутиси ҳамкорлик қилади.