Украинанинг "Антонов" авиасозлик давлат компанияси Хитойнинг China Aerospace компаниясига ўта оғир транспорт самолёти Ан-225 "Мрия"га технологик ҳужжатларни сотиб юборди. Бу ҳақда CCTV телеканали маълум қилди.  

Ушбу битим бўйича музокаралар май ойидан бери олиб борилган ва битим Пекинда 30 августда тузилди. Маълум қилинишича, келишув шартларига кўра, Хитойга самолётнинг чизмалари ва спецификацияларидан ташқари, двигателларига ҳужжатлар ҳам берилади.  

Телеканалнинг таъкидлашича, бу турдаги самолёт Хитойда 2019 йилнинг биринчи ярмидаёқ чиқиши мумкин.

Май ойида "Антонов" вице-президенти Александр Коцюба Украина Ан-225’ни Хитой билан биргаликда серияли тарзда ишлаб чиқариши мумкинлигини маълум қилинганди.

Ан-225 "Мрия" ("Орзу") – ўта оғир транспорт машинаси бўлиб, дунёдаги энг катта самолёт ҳисобланади. 6 моторли самолётнинг учиш оғирлиги 640 тоннани, фойдали юки оғирлиги 250 тоннани ташкил қилади. Самолёт 1980-йилларда "Антонов" конструкторлик бюросида лойиҳаланган ва 1988 йил декарбда биринчи марта ҳавога кўтарилган. Кўп жиҳатдан Ан-124 "Руслан" самолёти билан бир хиллаштирилган. 

Самолётнинг ягона нусхаси "Антонов"га тегишли ва "Авиалинии Антонова" компанияси томонидан ишлатилади.