БМТнинг туб халқлар масалалари бўйича доимий форуми Америкада 3,6 миллиард доллар қийматга эга нефть қувури қурилишига ҳалақит беришга уринаётган Дакота штатида яшовчи сиу ҳиндуларини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақида маҳаллий ОАВ маълум қилди. 

Гап шундаки, магистраль майдони сиу қабилаларидан бирининг ерларидан ўтади, ҳукумат эса ҳиндулар розилигисиз лойиҳани амалга оширишни бошлаб юборди. 

БМТ штаб-квартирасида тарқатилган маълумотда айтилишича, форум раиси Альваро Эстебан Поп Ак АҚШ ҳукуматини туб халқ вакиллари билан ҳамкорликда “ушбу жиддий масалани ҳал қилиш учун адолатли, мустақил ва очиқ жараён”ни ташкиллаштиришга чақирди, шунингдек “зўравонлик ва инсон ҳуқуқларини бузишга йўл қўймаслик”ка чорлади.  

Форум раҳбарияти АҚШнинг ҳаракатлари БМТнинг туб халқлар ҳуқуқларига оид Декларациясига зид эканлигини таъкидлади. Ҳужжатдаги 19-модда давлатларни “қонуний ёки маъмурий чораларни қўллашдан аввал” туб халқ вакиллари билан ўзаро маслаҳатлашиш ва ҳамкорлик қилишга чақиради. 

3,6 миллиард доллар сарфлаш режалаштирилган Dakota Access Pipeline қувури Шимолий Дакотадан Иллинойсга нефть етказиб беради. Лойиҳага кўра, магистраль Миссури дарёсини Шимолий ва Жанубий Дакота чегарасидаги сиу ерлари ёнидан кесиб ўтиши керак. БМТ форуми вакилларининг маълум қилишларича, нефть қувури “сиулар ва Миссури дарё оқими бўйлаб пастки ҳудудда яшовчи миллионлаб кишиларнинг нафақат ичимлик суви ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади”, балки археологик, тарихий ва муқаддас қадамжоларнинг бузилишига ҳам олиб келади. 

Сиу вакиллари лойиҳани тасдиқлаган АҚШ армиясининг муҳандислик бўлими устидан федерал судга шикоят қилган. Мазкур иш юзасидан 9 сентябр куни қарор чиқарилади. 

Нефть қувурининг қурилишига ҳиндулардан ташқари қаршилик қилаётганлар талайгина. Айова штатида бу лойиҳа қурилишига қарши чиқаётган 100 киши иштирокидаги митинг бўлиб ўтди.