Ҳиндистонлик эркин курашчи Йогешвар Датт допинг тест натижалари ижобий чиққан ва Лондон–2012 Олимпиадасида қўлга киритган кумуш медалидан маҳрум этилиши айтилаётган россиялик марҳум спортчи Бесик Кудуховнинг медални олишни истамади ва соврин Кудуховнинг яқинларида қолиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда у ўз твиттерида ёзган.

У Кудухов ажойиб курашчи бўлганини айтиб, унга бўлган ҳурматини изҳор этган.

Бу масала қандай ечим топиши ҳали ноаниқ. Олимпия қоидаларига кўра, медалдан маҳрум қилинган спортчи уни қайтаришни истамаса, қабул қилиб олувчига унинг дубликати берилади.

4 карра жаҳон чемпиони бўлмиш Бесик Кудухов 2013 йилнинг 29 декабрида, Армавир яқинида, 27 ёшида автоҳалокат туфайли вафот этган.

Бироз олдинроқ унинг Лондон–2012 Олимпиадасида олинган допинг намунаси ижобий чиққани ва у кумуш медалидан маҳрум қилиниши маълум бўлганди.

Шу билан бир вақтда Россия спорт курашлари федерацияси президенти Михаил Мамаиашвили бу ҳолат бўйича расмий огоҳлантириш келиб тушмаганини маълум қилган.