Малайзия Соғлиқни сақлаш вазири Зика вирусига чалинган илк малайзиялик ҳақида маълумот берди. Рейтер агентлиги хабарига кўра, Сингапурга бориб қайтган аёлда вирус аниқланган.

Бундан ташқари унинг қизи ҳам вирусга чалинган. Сингапурда кейинги кунларда Зика вирусига чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Зика вируси жинсий алоқа ва онадан ҳомила йўлдоши орқали болага ўтади, аммо бошқа йўл билан тўғридан-тўғри одамдан одамга юқмайди. Чақувчи Aedes Aegypti чивини Зика безгагининг асосий тарқатувчиси ҳисобланади.

Вирус ҳозиргача Осиё, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка, Тинч океани ҳудудларида тарқалгани аниқланди. Ғарбий ярим шарда айниқса тез тарқалмоқда — вирус 55 мамлакатдан 21 тасига кириб борди. 2015 йилнинг майида Зика билан касалланганлар фақат Бразилияда қайд қилинганди.