Microsoft’нинг автоматик таржима қилувчи иловасида йўл қўйилган хато Саудия Арабистони давлат амалдорларининг ғазабини қўзғатди, ижтимоий тармоқларда эса компания маҳсулотларини умуммиллий рад этишга чорланди

Гап шундаки, Microsoft компаниясига қарашли Bing таржимони ИШИДнинг арабча номи(داعش)ни инглиз тилида Саудия Арабистони (Saudi Arabia) дея кўрсатган. 
Хатолик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан тезда аниқланди, улар бундай нотўғри таржима учун Microsoft компаниясининг барча маҳсулотларига нисбатан бойкот эълон қилишга чақиришди.

Саудия Арабистонида Microsoft компанияси манфаатларини ҳимоя қилувчи Мамдуҳ Нажар бундай хатолик учун узр сўради: “Мен компания ходими сифатида Саудия Арабистонининг буюк халқи олдида қасддан қилинмаган хато учун узр сўрайман”, - деб ёзди Нажар ўзининг твиттерида. 

Автоматик таржимон хатосини Нажар сервис учун таржима танлови механизмининг ишдан чиққанлиги билан изоҳлади: Bing фойдаланувчига биринчи навбатда камида минг киши тасдиқлаган таржималарни кўрсатади, бу эса ўз навбатида манипуляция учун имконият яратади. 

Нажарнинг сўзларига кўра, хато топилганидан сўнг бир неча соат давомида тўғирланган.