АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан номзод бўлмиш Дональд Трамп ва Мексика президенти Энрике Пенья Ньето икки давлат чегарасида барпо этиладиган девор-тўсиқ учун қайси томон пул тўлаши бўйича қарор қабул қилишмаган.

Reuters агентлиги хабарида қайд этилишича, Трамп Пенье Ньетога АҚШ ўз ҳудудини ноқонуний муҳожирлардан ҳимоя қилиш учун девор қуришга ҳақли эканини маълум қилган. Лекин у девор учун маблағни қайси томон тўлаши ҳақида гапирмаган. Икки сиёсатчининг суҳбати 1 соат давом этган.

«Биз девор қуриш хусусида гаплашдик, лекин унинг харажатлари ҳақида эмас. Бу кейинроқ ҳал қилинади. Бугунги учрашув биринчиси эди ва у ўта ажойиб кечди», — деган Трамп.

Мексикадаги мухолифат кучлари Ньетони бунга қадар бир неча марта мексикаликларни ҳақорат қилган Трамп билан учрашуви туфайли танқид қилишмоқда. Трампнинг фикрича Мексика АҚШга жиноятчиларни ва фирибгарларни юборади.