Япония ҳукумати япон мафияси – якудзанинг икки гуруҳи орасида уруш чиқмаслиги мақсадида 2016 йил мартидан бери 976 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда "Асахи Симбун" нашри маълум қилди. 

Якудзанинг энг катта "Ямагути-гуми" гуруҳи ва ундан ажраб чиққан "Кобэ Ямагути-гуми" гуруҳи аъзолари ҳибсга олинган. 

"Гуруҳлар ажралгандан кейин полициячилар уларни тўхтамасдан ҳибсга олмоқдалар", деб айтди мафиозлардан бири газетага берган интервьюсида. Унинг айтишича, ҳар бир ҳибсга олишлардан кейин мафия адвокатларни ёллашига тўғри келмоқда ва бу унинг молиявий аҳволига путур етказмоқда.    

Нашрнинг таъкидлашича, икки гуруҳ орасида музокаралар бўлган, бироқ улар бесамар тугаган: 31 май куни "Кобэ Ямагути-гуми"нинг, ярим ой ўтиб эса рақиб гуруҳ – "Ямагути-гуми"нинг етакчиларидан бири ўлдирилган.

Полиция рейдлари сабабли икки гуруҳ аъзолик бадалини оширишга мажбур бўлган: бирор жиноий тўда бошлиғи "Ямагути-гуми"нинг бир қисми деб аталиши учун 4 минг доллар тўлаши керак. Рақиб гуруҳда "нархлар" пастроқ: мингдан 3 минг долларгача.