АҚШ президенти Барак Обама Анқарага Сурия курдларининг мудофаа кучлари мамлакат шимолидаги Манбиж шаҳрини эгаллаб олмасликларига кафолат берди. Бу ҳақида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди. 

Аввал Сурия Курдистонининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Роди Усмон курдлар томонидан яратилган "Шимолий Сурия ва Рожава федерацияси" ҳамда Сурия демократик кучлари ИШИДдан тортиб олинган Манбиж шаҳрини тарк этмасликлари ҳақида хабар қилганди. 

"Манбижнинг 90 фоиз аҳолиси - араблар. Бошқа этник гуруҳлар, шу жумладан курдлар у ерда камчиликни ташкил қилади. Мен бу ҳақида Барак Обамага айтдим ва суриялик курдлар мудофааси у ерга кира олмаслигини таъкидладим, у менга буни кафолатлади. Бу келишув расман қайд этилди", - деди Эрдўған G20 саммитига кетишдан аввал Анқара аэропортидаги матбуот анжуманида.

Туркия армияси ўтган ҳафтада ВВС халқаро коалицияси ва Сурия мухолифати иштирокида мамлакат (Сурия) шимолидаги Жараблус шаҳрида ИШИДга қарши "Евфрат қалқони" операциясини бошлаб юборди. Анқаранинг ҳаракатлари Дамашқда  суверенитетнинг бузилиши, дея баҳоланди, операция жараёнида турк ҳарбийлари ИШИД позицияларига эмас, тинч аҳолига ҳужум уюштиргани маълум қилинди.  

Душанба куни Туркия ТИВ курдларга Евфратдан шарққа  кетишни талаб қилиб, ультиматум қўйди. АҚШ ҳукумати Туркиянинг курдларга берган зарбаларини танқид остига олиб, Анқарани ИШИД билан курашишга диққатни қаратишга чақирди.