Ҳиндистоннинг шарқий штатлари кўчаларига ўн миллионлаб одамлар энг кам иш ҳақининг оширилишини талаб қилиб кўчаларга чиқдилар, деб хабар бермоқда The Associated Press ахборот агентлиги. 

Ҳиндистонликлар Нарендра Моди ҳукуматига 12 та асосий талаб билан мурожаат қилмоқдалар. Улар орасида энг кам иш ҳақини кунига 692 рупий (10 доллар) миқдорида белгилаш ва кўпроқ ижтимоий кафолатлар бериш талаблари бор.

Агентлик Ҳиндистонда ҳозирда энг кам иш ҳақи неча пул эканлигини маълум қилмаган.

Оммавий норозиликлар Ассам, Орисса ва Уттар-Прадеш штатларида ўтмоқда. Ҳиндистон ҳукумати бир қатор шаҳарларда тартибсизликлар юз бериши ҳолатига эҳтиёт чораси сифатида мактаблар ва университетларни вақтинчалик ёпиб қўйди.