АҚШ давлат котиби Жон Керри халқаро долзарб муаммоларга барҳам беришда Россия билан муносабатларни юқори баҳолади. Хусусан, Россия Эрон ядро муаммосини ҳал этиш ва Суриядан кимёвий қурол олиб чиқишда ёрдам берган. 

«Улар Эрон ядро келишувида ҳамкорлик қилиб, ишлатилган ядро ёқилғисини қайта ишлашга олиб чиқди ва шу билан унинг захирасини камайтиришда амалий ёндашувни намойиш этишди. Биз Сурия кимёвий қуролини биргаликда олиб чиқдик. Эндиликда, у ерда, жанговар ҳаракатларга ҳамкорликда барҳам бермоқчимиз», — дея Керри сўзларини келтиради ТАСС агентлиги. 

Бундан ташқари, у РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Женевада бўлиб ўтган учрашувни «амалий» деб баҳолаган. Унинг айтишича, Украина инқирози бўйича мулоқот ҳам давом эттирилмоқда. 

АҚШ давлат котиби шунингдек, Россия имкониятларини кенг баҳолаган. 

«Бу улкан тарих, катта иқтидор ва имкониятларга эга мағрур давлатдир. Биз буларнинг барчаси баъзан амалий кўринишга эга бўлишини хоҳлар эдик», — деб айтган Керри.