Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ва Туркия транспорт, денгизчилик ва алоқа вазири Аҳмад Арслон транспорт соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишди, деб хабар қилмоқда маҳаллий ОАВ. 

Учрашувдаги асосий эътибор халқаро транзит-транспорт йўлакларини барпо этишга қаратилган 

"Туркманистон ва Туркия давлатларининг "Шарқ-Ғарб" ва "Шимол-Жануб" йўналишларида замонавий халқаро транспорт йўлакларини барпо этишда имкониятлари кенгдир", — деб қайд этган Бердимуҳаммедов. 

Туркманистон раҳбари ва турк вазири шунингдек, Каспий денгизидаги Туркманбоши шаҳрида Халқаро денгиз порти ва Ашхабоддаги Халқаро аэропортни барпо этиш масалаларини ҳам муҳокама қилишган. 

Президент шу йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда барқарор транспорт мавзусида Глобал конференция бўлиши муносабати билан Туркия республикаси делегациясини мазкур анжуманга таклиф этган. 

Норасмий маълумотларга кўра, Каспий денгиз порти 2 млрд долларга яқин, пойтахт аэропорти 2 млрд доллардан ортиқроқ маблағ эвазига барпо этилмоқда.