Ўзбекистон далаларида иқлим шароитига мос серҳосил навлар танланиб, ғўза парваришига оид агротехник тадбирлар сифатли ўтказилгани натижасида мўлжалдагидан юқори ҳосил тўпланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси матбуот хизмати маълум қилишича, тизимда пахта хом ашёсини қабул қилишдан бошлаб, уни қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача бўлган барча жараёнларда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида электрон ҳисобот ва назорат тизимини яратиш ва жорий қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти таркибидаги пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида фермер хўжаликларидан келтирилаётган пахта хом ашёсини тўғри ва тезкор ўлчаш, сифатли текшириш ҳамда қабул қилиш мақсадида 480 дан ортиқ замонавий электрон тарози ўрнатилди.

Компания фермерларга янада қулайлик яратиш мақсадида туманлардаги пахта тозалаш корхоналари ҳузурида мониторинг марказлари фаолиятини йўлга қўйди. Мазкур марказлар фермер хўжаликлари, таъминотчи, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар, солиқ идоралари ҳамда пахта тозалаш корхоналари ўртасидаги ҳисоб-китоб ва тўлов тизимини соддалаштириш, пахта ва ғалла майдонларида белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини назорат қилишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, у агротехник тадбирлар учун ажратилаётган моддий ресурслар, хусусан, ёқилғи-мойлаш материаллари, кимёвий ўғитлардан оқилона фойдаланишни таъминлашда кўмаклашади.

Айни вақтда 2016 йилда пахта етиштириш бўйича фермер хўжаликлари ва тайёрловчи корхоналарнинг контрактация шартномалари, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида тузилган шартномалар мониторинг марказларида рўйхатдан ўтказилиб, тўловлар ва ҳисоб-китоблар амалга оширилмоқда.