ХХРда бўлиб ўтиши кутилаётган «катта йигирмалик» анжуманида жаҳон иқтисодиёти билан боғлиқ муаммолар муҳокама этилса-да, сиёсий ва хавфсизлик масалалари дунёнинг етакчи давлатлари етакчилари йиғилишига соя солади, деб ёзмоқда The Washington Post.

Қайд этилишича, бугунги кунда Европадаги террорчилик хуружлари, АҚШдаги президентлик сайловлари, шунингдек, Сурия ва Ироқдаги можароларнинг кескин тусда давом этаётгани шулар жумласидандир. Тахминларга кўра, жаҳон давлатлари етакчилари бу муаммоларни гуруҳлар йиғилишида ёинки икки томонлама музокараларда муҳокама этишади. Бундан ташқари, Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқишига қарор қилгани ва унинг жаҳон иқтисодиётига таъсири, иқлим ўзгаришлари, инсон ҳуқуқлари ва КХДР ядро дастури ҳам муҳокама этилади. 

Нашрнинг қайд этишича, Туркиядаги ҳарбий давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, Ражаб Тоййиб Эрдўған биринчи марта йирик халқаро анжуманда иштирок этади. 

Нашрнинг ёзишича, саммит чоғида айтарли жиддий натижага эришилмайди. Биргина, Хитой ва Япония ўртасида Шарқий Хитой денгизидаги можароли ҳудудлар бўйича келишувга эришишидир. 

«Албатта, бу минтақадаги кескинликни камайтиришдек қабул қилинади», — деб ҳисобламоқда Вашингтондаги Heritage Foundation вакили Дин Ченг. 

Бундан ташқари, WP нашрига кўра, АҚШ президенти Барак Обама, Трансатлантика эркин савдо ҳудудини барпо этиш ғоясини илгари суради. Шу кунларда, мазкур масала бўйича олиб борилаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани хабар қилинган эди. 

Аввалроқ, Кремль маъмурияти маълум қилганидек, Россия президенти Владимир Путин ва Америка етакчиси Барак Обама G20 саммитида Сурия масаласида фикр алмашиши мумкин.