3 сентябрь куни Ўзбекистон республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Самарқандда ерга қўйилди.

Аввалига марҳумнинг тобути Тошкентдан самолёт орқали Самарқандга олиб келинди ва шаҳар кўчалари бўйлаб олиб ўтилди. Самарқанд аэропортидан Ислом Каримовнинг уйига қадар бўлган масофада марҳумни сўнгги йўлга кузатиш учун минглаб самарқандликлар жам бўлишди.

У ўзи туғилиб ўсган хонадонга келтирилди. Бу ерда марҳумни сўнгги йўлга кузатиш билан боғлиқ миллий урф-одат ва маросимлар адо этилди.

Шундан сўнг, Самарқанд марказидаги қадимий Регистон майдонида марҳум билан видолашув маросими бўлиб ўтди.

Маросимда иштирок этиш учун Ислом Каримовнинг туғилиб-ўсган шаҳрига Ўзбекистоннинг давлат, жамоатчилик ва диний арбоблари, шунингдек, бир қатор мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори лавозимли вакиллари ташриф буюрди.

Улар қаторида Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон президентлари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Грузия бош вазирлари, Эрон ТИВ раҳбари, БАА давлат вазири, МДҲ ижрочи котиби ва бошқалар бор эди.

У она шаҳри — Самарқанднинг Ҳазрати Ҳизр масжидидаги қадимий қабристонга мусулмон одатларига кўра дафн этилди.