Россиянинг «Газпром» компанияси 2016 йили Осиёда 15 млрд кубометр газ сотиб олишни режалаштирган. Бу ҳақда «Газпром Экспорта» раҳбари ўринбосари Михаил Мальгин телефон орқали ташкил қилинган конференция чоғида маълум қилган.

«Биз 15 млрд кубометро газ сотиб олмоқчимиз», деган у саволлардан бирига жавоб бера туриб.

2016 йилнинг январида «Туркменгаз» давлат концерни матбуот хизмати «Газпром Экспорт» компанияси 2016 йилдан бошлаб улардан газ сотиб олишни тўхтатгани, компания бундан буён Ўзбекистон газини харид қилиш ҳажмини ошириши ҳақида хабар берганди.

Кейинроқ Ўзбекистон газини сотиб олиш ҳажми оширилиши бўйича келишув 2015 йил декабрида амалга оширилгани, унга кўра 2016 йилда Ўзбекистон томони компанияга Туркманистон 2015 йили сотган 3,1 млрд кубометр миқдорида табиий газ экспорт қилиши маълум бўлди.

«Газпром» 2001 йилдан бери Ўрта Осиё газ ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2014 йилда «Газпром» томонидан Ўрта Осиёда 29,52 миллиард кубометр газ сотиб олинган. Шундан 10,98 млрд кубометри Туркманистондан, 7,38 млрд кубометри Ўзбекистондан ва 10,95 млрд кубометри Қозоғистондан. 2015 йили эса компания импорт ҳажмини кескин камайтирганди.

Газпром томонидан сотиб олинаётган газ «Ўрта Осиё – Марказ» (САЦ) газ қувури орқали транспортировка қилинади.