Хитойда  4 сентябрь куни "Инновацион, соғлом, изчил ва инклюзив дунё иқтисодиётини қуриш" мавзусида G20 саммити иш бошлади. 

ХХР ҳукуматининг маълум қилишича, мамлакат раислигида ўтаётган саммитнинг устувор вазифалари - бутун дунёда иқтисодий ривожланиш учун янги имкониятларни излаш, жаҳон иқтисодиёти ва молиявий воситаларни янада самарали бошқариш, давлатлараро савдо ва сармоя майдонларини рағбатлантириш, инклюзив ва изчил тараққиётни йўлга қўйиш.

G20 (20 давлат гуруҳи) - мамлакатлараро иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга бағишланган анжуман. G20 таркибига Австралия, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Жанубий Корея, ЖАР, Япония ва Европа Иттифоқи киради. Бундан ташқари G20 учрашувларида одатда турли халқаро ташкилотлар, жумладан Молиявий барқарорлик кенгаши, Халқаро валюта фонди, Жаҳон савдо ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон банки вакиллари ҳам иштирок этади. 

G20 давлатларининг ялпи ички маҳсулоти дунё ЯИМнинг 85 фоизини ташкил этади. 

2013 йилда G20'да Россия раислик қилган, ундан кейин эса - Австралия, ўтган йили "20 давлат гуруҳи"ни Туркия қабул қилди. 

Саммит 5 сентябрь куни ўз ишини тамомлайди.