Ўзбекистон республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовга Россия федерацияси пойтахти Москва шаҳрида ҳайкал ўрнатилиши мумкин. Бу ҳақда riamo.ru сайти Маданият ва оммавий коммуникациялар бўйича Москва шаҳар Думаси раиси Евгений Герасимовга асосланиб хабар берган.

«Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ёки консуллик биноси яқинида ҳурматли Каримов учун ёдгорлик ўрнатилиши ва ҳайкал учун муносиб жойни белгилаш жуда муҳим. Бу бизнинг халқимиз биродарлиги рамзи бўлади», – деган Герасимов.

У Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ривожида ва ўзбек халқининг фаровонлиги йўлидаги хизматлари беқиёс бўлганини қайд этиб ўтган.

«У Собиқ Иттифоқ даврида ва ундан кейин ҳам кўплаб миллатларни бирлаштирган етакчи эди. У кўплаб одамларнинг ҳурматига сазовор бўлган инсон эди. Каримов тинчлик ва аҳилликни таъминлаш учун жуда кўп меҳнат қилди», – деган Герасимов.

 

Ўзбекистон республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни оғир хасталикдан сўнг 78 ёшида вафот этди. Марҳум 3 сентябрь куни туғилиб ўсган шаҳри Самарқандга дафн этилди.

Ўзбекистонда 3 кунлик мотам эълон қилинган.