АҚШ президенти Барак Обама G20 саммити олдидан Ханчжоу аэропортида Америка делегацияси ва Хитой вакиллари билан боғлиқ ҳодисага изоҳ берди. Бу ҳақида Fox News хабар берди.

"Ўйлашимизча, матбуот бизнинг қилаётган ишларимизни ёритиш, саволлар бериш имконига эга. Биз бундай сафарларда ўз тамойилларимиз ва қадриятларимизга содиқ қоламиз", - деди Обама. 

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти бошчилигидаги делегация Ханчжоуга ташриф буюрганида, аэропортга трап келтирилмаган ва қизил поёндоз тўшалмаган. Хитой вакили Обаманинг ёрдамчисидан улар билан келган журналистлар ҳамма нарсани ёзавермаслигини талаб қилган, бунинг натижасида икки давлат вакиллари ўртасида зиддият юзага келган. 

Обама "бу вазиятга керагидан ортиқ аҳамият қаратмаслиги"ни қўшимча қилди.