Таиланд жанубидаги темир йўлларда поезд остида портловчи қурилма портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда полицияга иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги.

Портловчи қурилма Паттани вилоятида темир йўл излари остига яширилган бўлган. Портлаш оқибатида поезднинг охирги вагони шикастланган, темир йўл изларида эса катта ўра пайдо бўлган.

Бир нафар темир йўл хизматчиси ҳалок бўлган, яна уч киши – икки нафар темир йўл ходими ва бир йўловчи жароҳат олган.

Бир кун аввал Таиланд ҳукумати ва ислом айирмачилари қуролли тузилмалари вакиллари қўшни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтган норасмий учрашувда Таиланд жанубидаги учта вилоятда "хавфсизлик ҳудудларини" яратиш ҳақида келишиб олгандилар. Бу ерларда 2004 йилдан бери мамлакат хавфсизлик кучлари ва айирмачи ташкилотлар жангарилари ўртасида кураш бормоқда. Айирмачилар Таиланд ҳудудида ўтмишда мавжуд бўлган мустақил Паттани султонлигини тиклашни талаб қилмоқдалар.

Паттани, Наративат ва Ялла вилоятлари буддавий Сиам (ҳозирги Таиланд) томонидан 20-аср бошида Сиам ва ҳозирги Малайзия ҳудудини эгаллаган Буюк Британия билан ўзаро музокаралар натижасида  қўшиб олинган Паттани султонлиги таркибига кирган. Аксарият аҳолиси ислом динига эътиқод қилувчи малайлар ҳисобланувчи ҳудудда бир неча маротаба айирмачи ҳаракатлар вужудга келган.

2004 йилда бошланган ихтилоф оқибатида қўлбола бомбалар портлаши ва отишмалар оқибатида учта вилоятда 6,5 мингдан кўпроқ одам, асосан фуқаролар ҳалок бўлган.