Калькутталик Тереза она Рим папаси Франциск томонидан авлиё деб эълон қилинди. Унинг авлиёлигини расмийлаштиришга бағишланган тантанали маросим 4 сентябрь куни Ватиканда авлиё Пётр майдонида бўлиб ўтди.

Майдондаги соборга Тереза онанинг сурати туширилган плакат осилган. Маросимда дунёнинг турли мамлакатларидан келган минглаб тақводорлар иштирок этишган. Ватикан ва Рим кўчаларида 3 мингдан ортиқ полициячилар патруллик қилишди. Шунингдек, эҳтимолий терактлар олди олиниши учун қўшимча чоралар кўрилган.

Келиб чиқиши албан, асл исми Агнес Гондже Бояджиу бўлган Тереза она 1910 йилда Скопеда таваллуд топган, Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳрида фаолият юритган. У ерда Тереза она хайрия миссиясига асос солиб, умрининг охирига қадар (1997) ўша ерда истиқомат қилган.

1979 йилда Тереза она тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлганди.