Бугун Олий Мажлис Сенати биносида ҳам барча истовчилар учун Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия изҳор этиш имконияти яратилди.

Шунингдек, келувчилар ҳамдардлик китобида битиклар қолдиришмоқда.

Uzreport хабарига кўра, бугун эрта тонгдан дипломатик корпус вакиллари, вазирликлар ва идоралар, партия ҳамда жамоатчилик ташкилотлари вакиллари Сенат биносига ташриф буюришни бошлашди.

Кун давомида Ўзбекистон фуқаролари ҳам давлат раҳбарини хотирлаб гуллар билан келишмоқда.

«Нигоҳларида қатъият, ишонч ва меҳр балқиб турган Ислом Каримовнинг суратига қараб, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон буюк Президентимиз амалга оширган эзгу ишлар – халқимиз учун дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитлар яратилгани, қудратли давлатчилигимиз барпо этилгани, давлатимиз жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлганини яна бир бор ҳис қилиб, буларни кўз қорачиғидек асраш, бошланган эзгу ишларни давом эттиришга масъул эканини теран англамоқда», — дейилади хабарда.