Apple компанияси 7 сентябрга мўлжалланган янги маҳсулотлари тақдимотидан кейин "Эскирган ва эксплуатациядан чиққан маҳсулотлар" қаторини iPhone 4 CDMA-версияси билан тўлдиради. Бундай қарор ушбу девайсни Apple ва унинг ваколатли хизмат кўрсатиш марказларида таъмирлай олмаслигини билдиради. Бу ҳақида 9to5mac портали хабар берди. 

Корпорация ишлаб чиқаришдан беш йилдан ортиқ ва етти йилдан кам вақт мобайнида олиб ташланган моделларни эскирган қурилмалар қаторига қўшади. Эксплуатациядан чиққан Apple маҳсулотлари - бу етти йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб чиқарилиши тўхтатилган девайслар. 

13 сентябрда iPhone 4 CDMA-модели vintage мақомини олади, бу қурилмани фақат Калифорния ва Туркиядаги баъзи хизмат кўрсатиш марказларидагина таъмирлаш мумкин бўлади, деганидир. 

Шундай бўлса-да, iPhone 4 GSM-моделини сервис қўллаб-қувватлашда давом этади. 

Apple янги маҳсулотларининг келгуси тақдимотидан сўнг iMac (2009), Mac mini (2010) ва Mac mini Server (2010) компьютерлари ҳам "винтаж" мақомига эга бўлишади.