Шарқий горилла номи билан машҳур бўлган Конго Демократик республикаси ҳудудида яшовчи маймунлар йўқолиб кетиш арафасида. Бунга жониворларни ноқонуний равишда овлаш сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Табиат ва табиий ресурсларни қўриқлаш халқаро иттифоқи (ICUN)нинг Гонолулуда ўтган конференцияси вақтида мутахассислар маълум қилишган.

1994 йилдаги ҳисобларга кўра, бундай жониворлар сони 20 мингга яқин эди.

Айни вақтда бутун дунё бўйлаб жами 4000 атрофида Шарқий гориллалар яшайди. Шу вақтгача "Қизил китоб"да "хавф остидаги турлар" мақомида бўлган бу жониворлар эндиликда "йўқолиб бораётган жониворлар" сифатида қаралмоқда.

Шимпанзе ва бонобо (митти шимпанзе) турлари ҳам "йўқолиб бораётган жониворлар" сирасига киритилди.

"Шарқий горилла тури амалда йўқ бўлиб бораётганини кўриш жуда аянчли", деган ICUN бош директори Ингер Андерсен.

Кейинги 20 йилдаги ҳарбий ҳаракатлар, ноқонуний овлаш, қочқинларнинг янги ҳудудларга кўчиб жойлашиши - Шарқий гориллаларнинг 70 фоизга қисқариши омиллари бўлди.

"Қизил китоб"га ҳайвонот ва набодот дунёсининг 82 минг 954 тури киритилган. Шундан 23928 тур йўқолиб кетиш арафасидаги турлардир.