2016 йил 4-5 сентябрь кунлари Хитойнинг Ҳангжоу шаҳрида “катта йигирма” деб аталувчи давлатлар гуруҳининг саммити бўлиб ўтди. Айни чоғда, унда муҳокама этилган мавзулар кенг муҳокама этилмоқда. Биз эса, саммитнинг биринчи кунига оид  ёдда қоларли воқеаларга тўхталмоқчимиз. 

Унинг тантанали очилиш маросими ажойиб сувли-оловли томоша билан бошланди. Кўплаб махсус эффектлар ёрқин алангалар билан бирга эртакмонанд муҳитни шакллантирди. 

Барча иштирокчиларнинг умумий суратга тушиши вақтида жаҳон етакчиларининг вақти тиғиз эканини яққол сезиш мумкин. Улар имкон топди, дегунча турли долзарб масалаларни муҳокама этишга ҳаракат қилишди. 

Суратга тушиш вақтида марказий жойни мезбон, ХХР раиси Си Цзиньпин эгаллаб, унинг чап ва ўнг томонида биттадан кейинги жойларни АҚШ ҳамда Россия етакчилари эгаллашди. 

Россия президенти Владимир Путин франциялик ҳамкасби Франсуа Олланд ёнида турган вақтда унинг ёнига Туркия давлат раҳбари Эрдўған келиб, Путин билан кўришиб, унинг ёнгинасида туришга қарор қилди. 

Сўнгра, делегациялар раҳбарларига АҚШ етакчиси Барак Обама ҳам қўшилди. У, бир неча давлат раҳбарлари, хусусан Германия канцлери Ангела Меркель билан сўрашиб, унинг ёнида жой эгаллади. 

Жаҳон ОАВ томонидан саммит чоғида юз берган ва кенг муҳокама қилинган воқеалардан бири, АҚШ президентининг кутиб олиниши бўлди. Ханчжоу аэропортида АҚШ президенти келган самолётнинг асосий эшигига қизил гилам тўшалган трапни келтиришмади. Шу боис у, самолётнинг орқа қисмидаги захира трапидан тушишга мажбур бўлди. 

Умум қабул қилинган амалиётга мувофиқ, Обама билан бирга келган репортерларнинг барчаси президент самолёти қанотлари остига тўпланди. Журналистлар унинг тушишини хавфсизлик хизматлари томонидан белгиланган кўк тасма ортидан кузатиб туришди. Шундан сўнг, Хитой хавфсизлик хизмати ходимларидан бири журналистлардан йўқолишни талаб қилди, деб ёзади Rosbalt.

Обама делегацияси вакиласи қўриқчига бу АҚШ президентига тегишли Америка самолёти эканини хотирлатиши билан, у «Бу бизнинг мамлакат! Бу бизнинг аэропорт!», дея ўшқириб берган.

Бунга жавобан, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Сьюзан Райс ва президент ёрдамчиси Бен Родс учиш майдони бўйлаб Обамага яқинлашмоқчи бўлиб, кўк тасмани кўтаришганида, ХХР хавфсизлик хизмати ходимлари уларнинг йўлини тўсишган. 

«Бундай бўлишини биз хаёлимизга ҳам келтирмагандик», — дея воқеани изоҳлаган Райс. 

Обаманинг ўзи саммит анча самарали бошланаётганини таъкидлаб, аэропортдаги ҳодисаларга унчалик ҳам жиддий эътибор бермасликка чақирди. Ҳар доим, геосиёсатда рақобатлашадиган ХХР ва АҚШ вакиллари кун давомида бир неча маротаба даҳанаки жанг ҳам қилишди. 

Кейинчалик, ижтимоий тармоқларда очилиш маросимида пинакка кетган Барак Обама видеоси пайдо бўлди. Ҳа, Америка етакчиси Хитойда бўлиб ўтаётган G20 саммити очилиш маросимида ухлаб қолди. Видеолавҳада, сиёсатчи бирмунча вақт бошини икки бармоғига таяган ҳолда кўзларини юмиб ўтиради. Бироқ, яна бир тахминларга кўра, у шунчаки ўйга чўмгани ҳам эҳтимол. 

Ангела Меркелнинг Хитойга келиши ҳам кескин руҳда бўлиб ўтди. Немис канцлери хафа кўринган ҳолда журналистлар олдидан шахдам қадамлар билан жаҳон етакчиларининг G20 саммитидаги илк учрашуви бўлиб ўтган зални тарк этди. 

Унинг кайфияти акс этган видеолавҳани журналист Дмитрий Смирнов Twitter саҳифасига жойлаштирган. Балки, ХХР раиси билан учрашуви вақтида юз берган кўз илғамас воқелик Меркель хонимнинг асабига теккандир. У, кўришгандан сўнг, байроқлар ёнида қолишни ёки у ерни тарк этишни ҳам билмай, бир лаҳза тўхтаб қолганди. 

G20 саммитининг яна бир ёрқин ҳолати Аргентина президентининг рафиқаси пайдо бўлишидир

Айрим блогерлар эса, давлат раҳбарлари, уларнинг нутқлари ва ҳатто уларнинг либосига умуман эътибор беришмаяпти. Улар, давлат ва ҳукумат етакчиларини қандай таомлар билан меҳмон қилишаётганига диққат чекишган. Журналистлар, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига турли хил десерт ва таомлар суратларини жойлаштиришди. Ахир бу ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотиши аниқ. 

Саммитнинг бугунги ва сўнгги иш кунида, савдо ва инвестициялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, инфратузилмалар соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари ва бошқа мавзулар муҳокама этилди. 

G20 мамлакатлари инновацион ўсиш бўйича дастурни шакллантиришди. Бундан ташқари, саммит кун тартибига оид бўлмаган бошқа муаммолар, хусусан, дунёнинг қатор минтақаларидаги беқарорлик, халқаро терроризм, иқлим ўзгариши кабилар юзасидан фикр алмашилди.