Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида мотам тадбирлари ўтказилмоқда. 

Эрта тонгдан корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари, ёшлар, умуман, ўн минглаб қашқадарёликлар Қарши шаҳридаги “Эл-юрт таянчи” монументига келиб, майдонда ўрнатилган Юртбошимиз портрети пойига гуллар қўймоқда. 

Истиқлол йилларида Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлариамалга оширилди. Вилоят шаҳар ва қишлоқлари замонавий қиёфа касб этиб, ишлаб чиқариш корхоналари, илм-фан, маданият, санъат ва спорт кошоналари барпо этилди, аҳоли фаровонлиги юксалди. 

Кейинги йилларда ёқилғи-энергетика саноатида салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз”, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” корхоналарида янги қувватлар барпо этилди. “Шўртангазкимё” мажмуаси, Таллимаржон ИЭС каби йирик корхоналар ишга туширилди. “Ҳисорнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз” каби йирик қўшма корхоналар ташкил этилди. 2010 йилда ишга туширилган Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бугун хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда. 

Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларини тубдан қайта қуриш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгайтирилмоқда. Айни пайтда шаҳарнинг Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод кўчаларини кенгайтириш, атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ташқи ёритиш ускуналари ва фавворалар ўрнатиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. 

Президентимиз ташаббуси билан Қашқадарё дарёси қирғоғини ободонлаштириш ва замонавий аҳоли дам олиш масканлари ташкил этиш бўйича ишлар якунига етказилди. Хусусан, дарё суви 3 сунъий тўғон ёрдамида кўтарилиб, унинг тўлиб оқиши таъминланди. Бу иншоотлар сувни тўплаш баробарида фильтрлаш вазифасини ҳам бажаради. 

Қашқадарё аҳли бу ишларнинг барчасини Ислом Каримов номи билан боғлайди. Давлатимиз раҳбарининг сўнгги сафари ҳам Қашқадарё вилоятига бўлган эди. Қашқадарё халқи Ислом Каримовнинг бутун мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда амалга оширган буюк ишларини, оғир дамларда вилоят аҳлига кўрсатган ғамхўрликларини асло унутмайди. 

– Буюк Йўлбошчимиз, Ватанимиз мустақиллигининг асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қалбимизда абадий яшайди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсон Ражабов. – У киши вилоятда иш бошлаган кезларда аҳвол ўта оғир ва мураккаб эди. Барча соҳаларда иш орқага кетган, халқ ночор аҳволга тушиб қолганди. Ана шундай оғир шароитда у киши ишни аҳоли турмушини яхшилашдан бошлади. Ҳудудда томорқачиликни ривожлантирди. Деҳқончилик қилиш учун аҳолига ер участкалари ажратди. Инсон манфаати, одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитлар яратишга доимий равишда устувор аҳамият қаратди. Одамлар ишончини, меҳрини қозонган Ислом Каримов бутун элимиз қалбида, келажак авлодлар ёдида мангу яшайди.