АҚШ ва Мадагаскар олимлари оролдаги судралиб юрувчилар оиласининг янги турини аниқлашди. Madagascarophis lolo деб номланган илоннинг шу пайтга қадар аниқланмаганига унинг ташқи кўринишининг ўзига хослиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда Copeia журналида чоп этилган мақолада сўз юритилган.

Илонни талаба Бернард Рандриамахатанцоа Анкарана миллий боғидаги 26 км.лик пиёда сайри чоғида юз берган кучли ёғингарчилик вақтида аниқлаган. 

Бироқ, зоологлар дуч келган муаммо шундан иборат эдики, улар янги илоннинг биргина намунасини ушлашга муваффақ бўлишган. Унинг ташқи кўриниши илонни қоялар манзараси билан уйғунлашиб кетишига имкон бергани сабаб, lolo ("луу луу" дея талаффуз қилинади) деб номланди. У маҳаллий тилда — "арвоҳ" деган маънони билдиради.

Олимлар, янги илон тури аввал маълум бўлган судралиб юрувчи вакили эмаслигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида, унинг тўлиқ морфологик тасвирини ёзиб, ДНК таҳлилини амалга оширишган. Шундан сўнг, судралиб юрувчилар оиласи яна бир янги тур билан бойигани хақида эълон қилинган.