Россия ва Саудия Арабистони энергетика вазирлари нефть бозоридаги нархларни барқарорлаштириш бўйича ҳамкорлик баёнотини имзолаган. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатган.

Баёнот Россия энергетика вазири Александр Новак ва Саудия Арабистони қироллиги саноат ва минерал ресурслари вазири Холид ибн Абдул Азиз ал-Фалаҳ томонидан имзоланган.

Томонлар бошқа нефть ишлаб чиқарувчилар билан бозордаги барқарорликни таъминлаш учун ҳамкорлик қилишга келишишган.

«Бундан ташқари, вазирлар нефть бозоридаги вазият бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга ҳамда нефть бозоридаги ҳолатни ёритиб бориш учун мониторинг ишларини олиб борувчи ишчи гуруҳ ташкил қилишга келишиб олишган», — дейилган хабарда.

4 сентябрь куни Владимир Путин G20 саммити доирасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ўринбосари Муҳаммад бин Салмон билан учрашган, шаҳзода Саудия Арабистони ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик икки мамлакатга ҳам «келгусида нефть бозоридаги воқеалар ривожидан кўплаб наф олишга эришиш»га имкон беришига ишонч билдирганди. 

5 сентябрь куни ICE биржасида ноябрда етказиб бериладиган Brent туридаги нефть қиймати 5 фоиздан ошиқроқ қимматлаб, бир баррели учун 49,38 долларга етди.