1 сентябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бошланган 42-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон аёллар ва эркаклар терма жамоалари ҳам иштирок этмоқда.

17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов бошчилигидаги Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг дастлабки икки турида Бруней ва Доминикан Республикаси терма жамоаларини 4:0 ҳисобида мағлуб этганди.

4 сентябрь куни ўтказилган 3-тур учрашувида Ўзбекистон вакиллари Чехия терма жамоасига 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Рустам Қосимжонов ва Жаҳонгир Воҳидов мос равишда Давид Навара ҳамда Виктор Лазникка ютқазди. Антон Филиппов ва Марат Жумаев рақиблари билан дурангга имзо чекишди.

Ушбу мағлубиятдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси қўшимча кўрсаткичларга кўра 62-ўринга тушиб кетди. Бугун терма жамоа шахматчилари Аргентина вакилларига қарши баҳс олиб боради.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам 3-турда ютқазди. Ўзбекистонлик шахматчилар биринчи турда Парагвай терма жамоаси устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Иккинчи турда эса Бельгия терма жамоаси шахматчилари 3:1 ҳисобида мағлуб этилган эди.

3-турда Россия терма жамоаси шахматчиларига қарши дона сурган қизлар жамоаси кучли рақибга 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Опа-сингиллар Нафиса Мўминова ва Гулруҳбегим Тохиржонова мос равишда Александра Костеньюк ҳамда Валентина Гунинага ютқазди. Ирина Геворкян ва Сарвиноз Қурбонбоева рақиблари билан муросага келишди.

Ушбу мағлубиятдан сўнг терма жамоа қўшимча кўрсаткичларга кўра 36-ўринга пастлади. Бугун шахматчи қизлар Австрия терма жамоасига қарши дона суришади.