Credit Suisse Group AG, Daishin Securities Co. ва Pelham Smithers Associates таҳлилчиларининг баҳоларига кўра, сўнгги смартфонни қайтариб олиш дастури Samsung’га тахминан 1 миллиард долларга тушади. Компания ходими молиявий асоратлар ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, гап “юракни ўртовчи” сумма ҳақида кетаётганини айтди. 

2016 йил натижаларига кўра, Samsung 20,6 миллиард доллар миқдоридаги соф даромадни прогнозлаштирмоқда. 1 миллиард доллар – бу сумманинг 5 фоиздан камроғи, деб ёзади Bloomberg. Шунингдек агентлик смартфонларни қайтариб олиш бўйича харажатларнинг маълум бир қисмини аккумуляторлар ишлаб чиқарувчилари тўлашини тахмин қилмоқда. 

Сингапур Миллий университети профессори Чанг Си Жиннинг сўзларига кўра, мазкур вазиятда молиявий йўқотишларга нисбатан компаниянинг обрўсига кўпроқ путур етади. 

АҚШда Galaxy Note 7 сотувлари 16 августдан йўлга қўйилган. Samsung 7 сентябрда янги iPhone версиясини тақдим этадиган Apple олдида вақтдан ютди, холос. “Энди бу устунлик йўққа чиқди”, - деди Сингапурдаги IDC таҳлилчиси Брайан Ма. 

Эслатиб ўтамиз, Samsung 2016 йилнинг 2 сентябрида бутун дунё бўйлаб Galaxy Note 7 қурилмаларининг сотувини тўхтатиш ҳақида эълон қилганди. Қайтариш дастури аккумуляторларни қувватлаш вақтидаги портлашлар туфайли йўлга қўйилганди. Ички текширув давомида компания 35та ана шундай ҳолат билан тўқнашди.