Туркия Суриянинг Ҳалаб вилояти ҳудудида 48 соат муддатга сукут тартиби жорий қилиш таклифини билдирган. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга асосланган ҳолда Haberturk хабар берган.

Бундан олдинроқ Эрдўған Сурияда мамлакатнинг тинч аҳолиси учун хавфсиз ҳудудни ташкил қилиш таклифини берганди.

Бундан ташқари, Туркия раҳбари Хитойдаги G20 саммити вақтида Россия ва АҚШ раҳбарлари билан музокараларда Сурия осмонида парвозлардан холи ҳудуд барпо этиш таклифини билдирган.

Эрдўған Туркия Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Россия билан ҳамкорлик қилишини қайд этиб ўтган.

У Сурияда Қурбон ҳайити байрами бошлангунига қадар тинчлик ўрнатилишига умид қилаётганини айтган.