Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида “Атлас байрами-2016” доирасида ташкил қилинган амалий ўқув семинарларига старт берилди. 

Республикамизнинг турли вилоятлари ҳамда хорижий давлатлар вакиллари иштирок этаётган семинар машғулотлар уч кун давом этади. 

Машғуолтларнинг очилиш маросимида ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат иштирок этди ва семинарларнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлади. 

Давлатимиз томонидан ҳунармандларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани самарасида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудига хос бўлган анъаналар сақланмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

«Атлас байрами» фестивали миллий ҳунармандликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, туризмни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилаётир.

Жорий йилда фестивал дастури сезиларли равишда кенгайтирилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этади. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади.

Фестивал доирасида «Ҳунармандлар шаҳарчаси» деб номланган амалий санъат буюмлари ярмаркаси, Ўзбекистон модельерлари шоу-дефилеси, концертлар, кураш мусобақаси, дорбозлар томошаси, «Девзира» ош танлови ҳам ўтказилади.